Бугун 18 август, 2025 йил, душанба

O'ZB

Испанияда мигрантларга қарши зўравонлик авж олди

Испанияда мигрантларга қарши зўравонлик авж олди

Испаниянинг Торре-Пачеко шаҳрида сўнгги кунларда зўравонлик ва тартибсизликлар кузатилмоқда. Бу ҳолат 11 июль куни маҳаллий фуқаро, 68 ёшли Домингонинг уч нафар ёш йигит томонидан калтаклангани ортидан бошланди. Жабрланувчи уларни шимолий Африкадан келган мигрантлар деб тахмин қилган. Бу воқеанинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши натижасида маҳаллий аҳоли ва айниқса, ултраўнгчи гуруҳлар орасида катта норозилик ва ғазаб келиб чиқди.

Интернетда радикал гуруҳлар томонидан “мигрантларга қарши ов” ташкил қилишга чақириқлар қилинди. Мурсия минтақасидаги марказий ҳукумат вакили Мариола Геваранинг айтишича, бу чақириқлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан олдинроқ ҳаракат қилиш ва ўзбошимчалик билан жазо беришни мақсад қилган.

Уч кун давомида юзага келган тартибсизликлар натижасида камида 10 киши жароҳат олди. Бир киши ҳибсга олинди. Маҳаллий нашрлар маълумотларига кўра, таёқ кўтарган гуруҳлар кўчаларда юриб, “чет эллик кўринишга эга” шахсларга ҳужум қилган. Улар ҳужум қилган шахснинг Испания ёки Европа Иттифоқи фуқароси эканлигига эътибор бермаган.

Торре-Пачеко шаҳар ҳокими Педро Анхель Рокага кўра, полиция икки гуруҳ ўртасидаги можарони олдини олган. Шу билан бирга, у зўравонликда иштирок этганларнинг аксарияти шаҳарга бошқа ҳудудлардан келганини қайд этди.

"El País" газетасининг ёзишича, сўнгги кунларда марокашлик оилаларга нисбатан таҳдидлар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Ваҳима янада авж олмаслиги учун Испания ҳукумат идоралари аҳолини тинчликка чақирмоқда.

Маълумотларга кўра, Торре-Пачеко шаҳри аҳолисининг 30 фоизини мигрантлар ташкил этади. Улар асосан Марокаш ва Алжирдан бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қиладилар. Бу кўрсаткич Испания бўйича ўртача даражадан анча юқори ҳисобланади.

Киритилди: 12:22 15.07.2025. Ўқилди: 486 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!