Бугун 16 март, 2026 йил, душанба

O'ZB

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти катта тезкор вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти катта тезкор вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам таълим соҳасини янада ривожлантириш энг устувор вазифалардан бири сифатида ўрин эгаллаганлиги бежиз эмас.

Аммо, инсон қадри улуғланаётган юртимизда, халқ манфаатидан ўз халқумини устун қўйган айрим мансабдорларнинг ислоҳотлар жараёнларига тўғоноқ бўлаётганликлари аччиқ ҳақиқат.

Жумладан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти бошқармаси Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили шахсий бойлик орттириш мақсадида ўзининг 1989 й.т., муқаддам судланган таниши билан тил бириктириб, техника таъминоти билан шуғулланувчи МЧЖ иш бошқарувчисининг ишончига киришади.

Яъни, мазкур МЧЖ билан Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 20 дона интерактив доскаларнинг олди-сотти шартномасини электрон дўкон орқали тузилишида ғолибликни қўлга киритиб, доскаларни қиммат нархда ўтказиб беришни ваъда қилишади.

Улар ўзларининг қўштирноқ ичидаги холис хизматлари эвазига МЧЖ иш бошқарувчисидан 85 млн. сўм талаб қилишади.

Аниқланишича, Департаментнинг катта тезкор вакили хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига асл нархи 15,2 млн сўм бўлган интерактив доскаларни 25 млн сўмдан ўтказиб бермоқчи бўлган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб 1989 й.т. фуқаро 85 млн сўмни олган вақтида ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан 30 млн сўмни Департамент ходими ўзининг яна бир ҳамтавоғи бўлган – мактаб директори билан биргаликда, ўз яшаш хонадони олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ИЖҚКД Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили ва мактаб директорига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: Бугун 15:35. Ўқилди: 465 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!