Мамлакатимизда кейинги пайтда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Қаердаки қонун устувор бўлса, тараққиёт ўша ерда бўлади. Шу мақсадда 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда Конституциямизга киритилган янги ўзгаришларни мақуллаб овоз бердик.
Чунки, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган давлатда қонунлар ҳаммага баробар бўлиши керак.
Конституциянинг учинчи боби бевосита Конституция ва қонуннинг устунлиги масаласига қаратилган. Юртимизда Конституция ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади, дейилган. Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.
Иккинчи бўлим инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли бўлмайди.
Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Энг муҳими, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланмоқда.
Бош қомусимиз 21-моддасида ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят сифатида баҳоланган.
Мамлактимизда ўлим жазоси тақиқланади. Бу ҳам ҳуқуқий-демократик давлатнинг талабларидан бири. Шунингдек, 26-моддада инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади. Бир сўз билан айтганда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор бўлиши бор гап.
Умиджон Махаммадиев,
Самарқанд вилояти маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси