АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин билан бўлажак учрашуви ҳақида маълум қилди. Германия канцлери Фридрих Мерц бу хабарга зудлик билан муносабат билдириб, Трампга мурожаат қилди.
Учрашув келаси ҳафта Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммити доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Бу Трамп, Си Цзиньпин ва Путин ўртасидаги илк уч томонлама учрашув бўлади.
Расмий маълумотларга кўра, учрашувда ядровий қуролсизланиш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.
«У бутун дунё бўйлаб ядровий қуролларни қисқартириш масаласини муҳокама қилади. Президент Трамп уларнинг тарқалишини жуда хавфли деб ҳисоблайди», — деди Оқ уй вакили.
ОАВ хабарларига кўра, Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли вакили саммитда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши масаласи ҳам кўтарилишини билдирган. Украинадаги уруш эса, эҳтимол, муҳокама мавзуси бўлмайди.
Бироқ Европа сиёсатчилари бунга шубҳа билан қарамоқда. Улар Трамп, Си ва Путин ушбу учрашувдан фойдаланиб, Украинадаги уруш бўйича ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда келишувларга эришишидан хавотирда.
Шу сабабли Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШ президентини Украина ва Европа томонида қолишга чақирди.
«Илтимос, ҳеч қандай кутилмаган қарорлар бўлмасин. Европа жамоаси ва Украина билан бир сафда қолинг ҳамда Украинада ҳақиқий тинчлик ўрнатиш учун биргаликда ҳаракат қилайлик!» — деди Мерц.
Канцлер бу баёнотни 13 ноябрь куни Дублинда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари учрашуви чоғида билдирди.
Мерцнинг сўзларига кўра, саммитда айрим сиёсатчилар Трамп ва Путиннинг Хитойдаги учрашуви «Анкоридждаги воқеаларнинг иккинчи такрорига» айланишидан хавотир билдирмоқда.