Икки қизга мўмай даромад ваъда қилиб, алдов йўли билан Туркияга жўнатаётган шахс халқаро Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Нурафшон шаҳрида яшовчи 1999 й.т. аёл (Н.К.) осон пул топиш мақсадида, Бекобод шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи 21 ёшли икки нафар қиз(С.Т. ва М.М.)ни алдаб, мўмай даромад топишга ишонтирган. Уларни Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркиянинг Истанбул шаҳрига фоҳишалик учун жўнатаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, одам савдоси жиноятини содир қилганлар 5-йилгача озодликни чеклаш ёки 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.