Бугун 3 сентябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Ички ишлар органлари фаолиятида дронлар ёрдамида назорат тизими жорий этилди

Ички ишлар органлари фаолиятида дронлар ёрдамида назорат тизими жорий этилди

2026 йил охиригача барча ҳудудий бўлинмалар дронлар билан тўлиқ таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни тезкор аниқлашда замонавий технологияларни кенг жорий этмоқда. Хусусан, учувчисиз учиш аппаратлари – дронлардан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилди.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Найимовнинг маълум қилишича, дастлабки босқичда дронлар Бухоро вилоятида синовдан ўтказилган. 2024 йилда давлат раҳбарининг ушбу ҳудудга ташрифи давомида берилган топшириқ асосида вилоят ҳокимлиги томонидан 150 та замонавий дрон харид қилинган.

Бугунги кунга келиб, 5 та вилоятдаги 84 та ички ишлар маскани ходимлари учувчисиз аппаратлар билан таъминланди. Вазирлик маълумотларига кўра, келгусида барча туман ва шаҳар бўлимларини ҳам дронлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу жараён 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилади.

Мазкур технологиялар, асосан, жиноятчилик хавфи юқори ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, майда безорилик, экологик қоидалар бузилиши, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузарликларни фош этиш ва профилактика тадбирларини кучайтиришда қўлланилмоқда.

“Дронлар орқали ҳаводан олиб борилаётган назорат натижасида ҳуқуқбузарликлар тез аниқланмоқда, ички ишлар ходимлари эса ўз вақтида чоралар кўрмоқда. Бу тизим ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда”, — дея таъкидлади Раҳимжон Найимов.

Шунингдек, ички ишлар тизимида хизмат қилаётган профилактика инспекторлари учун дронлардан фойдаланиш бўйича махсус малака ошириш машғулотлари йўлга қўйилган.

Маълумот учун, 2024 йилнинг апрель ойида Ички ишлар вазирлиги фаолиятида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш расмий равишда жорий этилган эди.

Киритилди: 17:19 02.09.2025. Ўқилди: 270 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!