Бугун 17 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ҳиндистонда одам савдоси қурбонига айланиш хавфида бўлган аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Ҳиндистонда одам савдоси қурбонига айланиш хавфида бўлган аёл Ўзбекистонга қайтарилди


Уни ишга чақирган кишилар жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлашга ҳаракат қилган. Аёл улардан қочишга ва маҳаллий полицияга мурожаат қилишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонга алдов йўли билан олиб келинган ва одам савдоси қурбонига айланиш хавфи остида қолган юртдошимизнинг ватанга қайтишига амалий ёрдам кўрсатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.

Дипломатик миссия консуллик бўлимига Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортида руҳий тушкунлик ҳолатидаги З.Т. исмли Ўзбекистон фуқароси аниқлангани ҳақида маълумот келиб тушди.

Шундан сўнг зудлик билан юртдошимиз билан алоқа ўрнатилиб, у элчихонага олиб келинди. Суриштирув жараёнида З.Т.га С. ва К. исмли кимсалар томонидан Деҳли шаҳридаги ошхоналардан бирида официант бўлиб ишлаш таклифи билдирилгани аниқланди. Бироқ Ҳиндистонга келиб, меҳмонхонага жойлашгач, З.Т. алдов тўзоғига тушиб қолганини билиб қолган ҳамда уни ватанга қайтариб юборишларини талаб қилган.

Бироқ С. ва К. З.Т.дан унинг учун сарфланган йўл харажатларини қоплаб беришини талаб қилган ҳамда жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлашга ҳаракат қилишган.

З.Т. ўзи ушлаб турилган маскандан қочиш ва маҳаллий полиция вакилларига мурожаат қилишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан оғир аҳволга тушиб қолган фуқаромизга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди ҳамда ҳомий ташкилотлар кўмагида "Деҳли-Тошкент" йўналишидаги авиарейсга чипта сотиб олинди.

Ҳиндистоннинг тегишли муассасалари билан Ўзбекистон фуқаросини ёлғон ваъдалар билан Деҳлига олиб келиб, эксплуатация қилишга уринишда гумон қилинаётган кимсаларга нисбатан қонуний чора кўрилиши бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.

Дипломатик миссия ватандошларимизни Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақиради.

Киритилди: 11:05 16.05.2025. Ўқилди: 372 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!