Бугун 2 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Ҳиндистон — Жанубий Осиёнинг сўзсиз етакчиси

Ҳиндистон — Жанубий Осиёнинг сўзсиз етакчиси

Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон мамлакатимиз билан тарихий муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида. Яқинда ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказган Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Сантош Жа буни эътироф этди. Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари ва Ҳиндистоннинг эришган ютуқлари ҳақида маълумот берди.

Ҳиндистон шаҳарларида кундан-кунга гуллаб-яшнаётган ўрта синф шаклланмоқда ва улар ахборот технологияси соҳасида катта ютуқларни қўлга киритди.

Ҳозирда мамлакат ўз сунъий йўлдошларини фазога учириш билан бирга Ойни ҳам забт этиш режаси мавжуд. 2014 йили ҳукумат тепасига келган Бош вазир Нарендра Моди аҳоли камбағал қатламининг ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни ўзининг асосий вазифаси эканини эълон қилганди.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий тараққиётнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши нуқтаи назаридан Ҳиндистон анча тезкор илдамламоқда. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмидан мамлакатдаги нарх-наво ҳам жиддий суратларда пасайиб борганлиги қайд этилди. Бу 2016 йилнинг ноябрида мамлакат Бош вазири Нарендра Моди томонидан амалга оширилган валюта сиёсати натижасида муомаладаги икки турдаги банкноталарнинг бекор қилингани билан боғлиқ.

Халқаро валюта жамғармаси 2020 йил молиявий кўрсатгичлари бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7,4 фоизга ўзиб кетишини тахмин қилмоқда. Бунинг сабабларидан бири сифатида Ҳиндистондаги 100 миллиондан ортиқ кичик фирмаларнинг муваффақиятли ишлаб тургани келтирилмоқда. Яна бир қизиқ маълумот. 2017 йилда Ҳиндистон Францияни қувиб ўтиб, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё мамлакатлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади.

Ҳозирги пайтга келиб, у дунёнинг катталиги бўйича бешинчи иқтисодиёти (2.94 триллион доллар). 2024 йилга бориб кўрсаткични 5 триллион АҚШ долларига етказиш ниятида. ЯИМ ўсиши 5 фоизни ташкил этгани ҳолда унинг ўсиши 6-6.5 фоизга етиши кутилмоқда.2014-2019 йилларда 284 млрд. долларлик тўғридан-тўғри сармоялар жалб этилди, бу эса сўнгги беш йилда бу борадаги ўсиш 190 миллиард долларга етганлигини кўрсатади. 2019 йил декабрь ҳолатига кўра, хорижий валютадаги заҳира 457.5 миллиард долларни ташкил этди. Жаҳон банкининг бизнес юритишнинг енгиллиги борасидаги индекси бўйича 2014 йилги 142 позициядан 2019 йилда 63 ўринга кўтарилди.

Миллий инфратузилмаларни тараққий эттириш режаси жорий этган бўлиб, унинг мақсади одамларнинг турмуш шароитини яхшилашдир. Келаси беш йил ичида инфратузилмаларга 1.4 триллион доллар сарфлаш кўзда тутилган. “Udaan” дастурини қўллаб-қувватлаш учун 2024 йилга бориб яна 100 та аэропорт қуриш кутилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш расмий Деҳли олдида турган устувор вазифалардан. Бу мақсадлар йўлида 3.1 миллиард доллар ажратилди. Хорижлик сармоядорлар учун айрим давлат облигациялари таъсис этилди. Таълим секторига 99 миллиард доллар ажратилди: тез орада таълим соҳасида янги сиёсат эълон қилинади. 20201 йил мартига келиб 150 та олий таълим даргоҳи диплом бериш йўли билан курсларда профессионал тайёргарлик жараёнини бошлайди. Таълим тармоғи учун ташқи тижорий заёмлар ва бевосита хорижий сармояларга рухсат бериладиган бўлди.Ҳиндистонда таълим олиш доирасида Осиё ва Африка мамлакатлари учун “Ind-SAT” дастури тасдиқланди. Энди саноатнинг янги истиқболли тармоқлари – аналитика, электроника, робототехника, биоинформатика ва сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрланади. Кўникмаларни ривожлантириш дастурларига 420 млрд. доллар ажратилиши назарда тутилган, бунда тиббиёт ҳамширалари, фельдшер ва хорижда беморларга қарайдиганлар лаёқатини ошириш мақсадида махсус курслар ташкил этилади.

ИЖТИМОИЙ ФАРОВОНЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ

“Ayushman Bharat Healthcare” дастури — дунёдаги энг йирик тиббиёт суғуртаси – аҳолининг 500 миллион қашшоқ қатламига мўлжалланган бепул тиббий муолажа. Бундан ташқари, 2022 йилга бориб барча ҳиндларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 20 миллионта уй қуриш режалаштирилган. Қашшоқлар учун 425 та ижтимоий таъминот дастурлари мўлжалланган, банкларда 1.2 миллиард ҳинд, ҳар бир оиланинг“Aadhar” биометрик маълумотлари базаси ва ҳисоб рақами очилади,1.2 млрд. инсон учун уяли телефонлар ёқилади. Аёлларга мўжалланган махсус дастурларга 3 миллиард, катта ёшдаги фуқаролар учун эса 34 миллиард доллар ажратилган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришини назорат қилиш дастурларига 72 миллион доллар ажратилган.

Соҳа экспертлари яқин ўн йилда Жанубий Осиёнинг бу мамлакати жаҳоннинг учта йирик иқтисодиётларидан бирига айланишини башорат қилаётганлари ҳам бежиз эмас. Негаки, охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнларида фаол қатнашиш ҳисобига жиддий силжишга қўл урди.

Шундай қилиб, бир неча йил ичида Ҳиндистон иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар орасида энг тез ўсувчисига айланади. Ваҳоланки, 2007 йилда 1,2 триллион долларга тенг ЯИМ билан Ҳиндистон 12-ўринни эгаллаб турган эди. Албатта, 10 йил ичида иқтисодий кўрсаткичларни икки баробарга ошириш ҳаммага ҳам эмас. 2032 йилга бориб, мамлакат Буюк Британия, Германия ва Японияни ортда қолдириши мумкин экан.

Одатда ҳинд иқтисодиётининг ўсиши демографик омил билан боғланади. Бундай вазият хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун барча шароитларни юзага келтиради. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 50 фоиздан ошиб улгурди.

Айни пайтда Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг илғор экспортчисига айланди. Айниқса, Хитой бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан муваффақиятли тарзда фойдаланиб, Чин бозорини забт этди.

Хитой тўқимачилик маҳсулотлари сезиларли қимматлашуви ортидан Ҳиндистон бутун дунёга арзон газлама маҳсулотларини етказа бошлади, яъни Хитой бозорининг ўринбосарига айланди. Қарам мамлакатдан мустақил иқтисодий йирик давлатга айланиши қувонарли албатта.

Бу унинг глобал интеграцион жараёнларга фаол қўшилиши билан ҳам изоҳланади. Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши, шунингдек, ЕвроОсиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар билан эркин савдо зонасини ташкил этиш борасидаги музокаралари иқтисодиёти келажаги йўлидаги изланишлардан биридир.

Халқаро муносабатларда ҳам Деҳли Жанубий Осиёнинг сўзсиз етакчиси. Қолаверса, унинг бошқа минтақаларда, хусусан, жануби-ғарбий ва жануби-шарқий Осиёдаги геосиёсий таъсири кучайиб бораётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Бунга давлатнинг ўсиб бораётган ҳарбий-сиёсий имкониятлари ва ядровий давлат мақоми имкон беради. Иқтисодиётнинг сезиларли кўтарилиши, илғор ахборот технологиялари соҳасидаги етакчилик, ядровий қурол, етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик, шу ва шу каби омиллар яқин истиқболда Ҳиндистоннинг нафақат минтақадаги, балки халқаро ҳамжамиятдаги етакчилик ролини белгилаб берса ажабмас.

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН БИР-БИРИГА ТАЛПИНАЁТГАН МАМЛАКАТЛАР

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро муносабатларини чуқурлаштириш мақсадида бир-бирига талпинаётган мамлакатлар. Бош вазир Нарендра Моди 2015 йил июлида ва 2016 йил июнида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Кейинги икки йил очида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга амалга оширган икки маротаба ташрифи бунинг яққол тасдиғидир.

Мисол учун, 2018 йилнинг октябрида Президентимизнинг Ҳиндистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида 17 та муҳим ҳужжат имзоланди. Иккинчи ташриф 2019 йил 17-18 январь кунлари юз берди.

Давлатимиз раҳбарининг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йили октябрь ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари амалий ижросини жадаллаштириш борасида фикр алмашдилар. Шунингдек, Президентимиз “Жўшқин Гужарат” халқаро саммитида иштирок этди. Гужарат штати қадимдан савдо ва тадбиркорликда етакчи ҳудуд бўлиб, мазкур саммит ана шу анъаналарни давом эттиришга, замонавий Ҳиндистоннинг бизнес руҳини намоён қилишга хизмат қилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Боз устига, юқори мартабали расмийларнинг ташрифлари ҳам амалга ошди. Хусусан, 2019 йилнинг январида Афғонистон иштирокида Самарқандда “Ҳиндистон-Марказий Осиё” илк мулоқоти ўтказилди. Ўтган йил октябрида Гужарат штатининг бош вазири, жаноб Рупани 50 кишидан иборат бизнес делегация таркибида ташриф буюрди. Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2019 йил ноябрида, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2020 йил январда Ҳиндистонга сафар қилди.

КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ВА СУБСИДИЯЛАР

Ҳиндистон мамлакатимиздаги инфратузилмалари таъмирлаш ва бошқа мақсадлар учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишини эълон қилди. Унинг доирасида қиймати 448 миллион долларга тенг бўлган 4 та лойиҳа йўллар, канализация тизимлари, “ақлли ўқув хоналари” ташкил этиш учун йўналтирилади. Ижтимоий инфратузилма лойиҳаларни ривожлантириш соҳасида қиймати 30 миллион долларга тенг лойиҳалар субсидияланади. 2020 йил февралида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” биринчи ишбилармонлик кенгаши доирасида имтиёзли савдо келишувларига, сармояларни ҳимоя қилиш ҳақидаги икки томонлама шартномаларга эришилди. Ҳинд компанияларининг сармоялари ҳам сезиларли. Улар орасида 20 дан зиёд ҳинд фармацевтик компаниялари, кўнгилочар парклар, шунингдек, сайёҳлик саноати компанияларининг ўрни алоҳида.“NTPC” компанияси — Ҳиндистоннинг йирик энергетик компанияси бўлиб, қуёш энергиясини қўллаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш имкониятларини ўрганмоқда.

ТАЪЛИМ, ТАЙЁРЛАШ ВА САЛОҲИЯТНИ ОШИРИШ

Ўтган икки йил ичида Тошкентда “Amity” университети ва Андижонда “Sharda” университети очилди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси, жаноб Сантош Жанинг айтишича, “Sharda” қошида касалхонаси билан бирга тиббиёт коллежи очиш таклифи берилган.1993 йилдан бери “ITEC” дастури доирасида 2200 нафардан зиёд қатнашчи Ҳиндистонда таълим олди. Термизда Афғонистон фуқаролари учун тиббиёт ҳамшираси, гинекология, акушерлик йўналишида ўқув маркази ташкил этилди.

Ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам қўшма ишчи гуруҳнинг биринчи йиллик учрашуви ўтказилди. Шу мақсадда 2019 йил ноябрида Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Синкхнинг Ўзбекистонга ташрифи амалга ошди. Ҳарбий тиббиёт соҳасида битим имзоланди. Ҳарбий таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2019 йил 4-14 ноябрь кунлари Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида биринчи “Dustlik 2019” қўшма машқлар ўтказилди.

2020 йил – Ўзбекистонда Ҳиндистон маданияти йили деб эълон қилинди. Унинг доирасида ҳинд фильмларининг фестивали, Болливуд рақслари – мусиқали кечалар, суфизм олимларининг конференцияси ва суфий йўналишидаги вакилларнинг мусиқали чиқишлари, ёшлар ва журналистлар делегацияларининг ташрифлари, Буддизм меросининг кўргазмаси, фан ва технологиялар соҳасида эришилган ютуқлар борасида кўргазма ва семинарлар ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги минтақалараро ҳамкорликка, тинчлик ва барқарорлик ишига хизмат қилади.

Manba: uza.uz

Киритилди: 05:45 10.03.2020. Ўқилди: 4666 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!