Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Эрон музокараларни бошлашга рози бўлиши учун ҳали ҳам кеч эмас ва Қўшма Штатларнинг ушбу урушга қўшилиши бўйича ҳали қарор қабул қилинмаган.
"Мен Эроннинг ядровий объектларига зарба беришим мумкин, бундай қилмаслигим ҳам мумкин. Ҳеч ким нима қилмоқчи эканлигимни билмайди. Лекин шуни айта оламанки, Эрон катта муаммоларга дуч келмоқда. Улар бутунлай ҳимоясиз, умуман ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга эмас. Шу билан бирга, Теҳрон музокаралар ўтказишни хоҳлаяпти", — деди Трамп Оқ уйда журналистлар билан мулоқот чоғида.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, эронлик расмийлар музокаралар ўтказиш учун Оқ уйдан жой сўраган.
Шу билан бирга, Трамп яна бир бор Эроннинг таслим бўлишини исташини такрорлади. "Ҳаммаси жуда оддий — Теҳрон таслим бўлиши керак", — дея таъкидлади Қўшма Штатлар президенти.