Бугун 6 июль, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Ҳарбийлар Пискентда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашди

A A A
Ҳарбийлар Пискентда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашди

Бугун юз ёш билан юзлашаётган инсон учун ўткинчи дунё ҳою ҳаваси, молидан кўра, эътибор ва ғамхўрлик бирламчи ўрин тутади. Тошкент вилояти Пискент тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Абдурасул ота Қодиров ҳам ҳозирда ўзи, ўзи қатори бошқа нуронийларимизга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан жуда мамнун.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тарбиявий-мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиқов ва Ўзбекистон халқ артисти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси  Афзал Рафиқов бошчилигида бир гуруҳ ҳарбийлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши фаолллари, Пискент туман ҳокимлиги вакиллари Абдурасул бобо билан самимий суҳбат қуришди.

Келгувчилардан шод бўлиб ўзининг аскарлик дамларини эслаган отахон 1944-1945 йилларда бошидан ўтказган воқеларни сўзлаб берди.

– Мен алоқачи бўлганман. Жангга кирганимда 19 ёшда эдим, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдурасул ота Қодиров. – Ўша замонларнинг нимасиниям гапирардим. Қанча юртларни, элларни кўрдим. Шу кунларга етказганига минг шукр. Мени йўқлабсилар сизларни Худо ёрлақасин.

Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирлар давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ногиронлик аравачаси, қулоқчин, ҳасса каби керакли воситалар топширилди.

Шунингдек, улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 21 турдаги зарур дори-дармон ва тиббий анжомлар берилди. Барчадан ўзининг дуо насиҳатларини аямайдиган, фарзандлари ва набираларининг эъзозида бўлган Абдурасул бобо хонадонидан чиқиб, бошқа манзил сари отландик.        

101 ёшдан ўтиб, 102 ёшни қаршилаётган фариштасуврат отахон. У ҳам биринчи жаҳон урушидан кейинги инқирозлар ва фашизмга қарши олиб борилган Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларидаги қирғинбаротларнинг тирик гувоҳи.

Гап Тошкент вилояти Пискент тумани “Саидобод” маҳалла фуқаролар йиғини Улуғбек кўчаси 7-уйда яшовчи Эргаш ота Каримов ҳақида кетяпти. Бир асрни бошдан ўтказган Эргаш бобо ҳолидан ҳам хабар олинди.

Ҳозирда Пискент туманида 7 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари истиқомат қилади. Айтиш жоизки, ушбу хайрли амал билан миллатларнинг тинчлиги, бугунги ёруғ кунлар учун курашган пискентлик уруш қаҳрамонларининг хонадонига эмас, балки уларнинг кўнгилларига ташриф буюрилди. Буни уларнинг меҳмонларни кўриб, худди ўз сафдош жўраларини кўргандай хурсанд бўлганидан ҳам сезиш мумкин.   

Шу куни Пискент туманидаги 30-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, бир гуруҳ Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Пискент туман ҳокимлиги вакиллари, ўқитувчи ва мураббийлар, ўқувчилар қатнашди.

Учрашувда сўз олганлар томонидан фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбек халқи кўрсатган қаҳрамонликлар яна бир бор ёдга олинди. Айниқса, урушда бешта ўғлини бой берган матонатли онахон Зулфия Зокирова ҳақидаги видеоролик барчанинг қалбини тўлқинлантириб юборди.

Тадбирда бугунги тинч ва осойишта кунларга етиб келишимизга сабабчи бўлган уруш қаҳрамонларига халқимиз номидан миннатдорчилик билидирилди.

Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш белгиланган.

 

Киритилди: 14:05 26.02.2020. Ўқилди: 3727 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!