Эрон Исроилга янги зарба бериш билан таҳдид қилди.
Эрон қуролли кучлари Тел-Авив томонидан куч ишлатишга уриниш бўлган тақдирда Исроилга қарши янги ракета ҳужуми уюштиришга тайёр эканлигини билдирди.
Бу ҳақда Эрон армияси бош қўмондони Абдулраҳим Мусавий маълум қилди, унинг сўзларини Tasnim агентлиги келтирмоқда.
"Исроилда жиноятчилар ва аҳмоқлар ҳокимият тепасида тургани сабабли ҳар қандай хато юз бериши мумкин. Агар улар янги "Ҳаққоний ваъда"ни тезроқ олишга интилсалар - биз бунга тайёрмиз. Барча аввалги огоҳлантиришларимиз ўз кучида қолмоқда," - деди Мусавий ўтган йилнинг апрель ва октябрь ойларида Эроннинг ракета зарбалари бўйича амалга оширган операцияларини назарда тутиб.
У, шунингдек, Исроил чекланган ресурслар туфайли Эронга жиддий зарар етказа олмаслигини, Теҳрон эса нафақат Исроилнинг ўзига, балки унинг иттифоқчиларига ҳам қарши тура олишини таъкидлади.
CNN телеканалининг 21 май санасидаги маълумотига кўра, Исроил Эроннинг ядро инфратузилмасига зарба беришга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин. Телеканал манбаларининг фикрича, сўнгги ойларда бундай қадам қўйилиши эҳтимоли ортган ва бу АҚШ билан музокаралар доирасида Эронга босим ўтказишга уриниш бўлиши мумкин.