Германия полицияси 30 сентябрь куни Рёдермарк шаҳридаги ҳашаматли виллага рейд ўтказиб, ижтимоий нафақаларни фирибгарлик йўли билан олган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ уч нафар Руминия фуқароси ва бир нафар Бельгия фуқаросидан иборат бўлган. Вилладан қимматбаҳо соатлар, заргарлик буюмлари, бренд сумкалар, нақд пул ва бир нечта люкс автомобиллар топилган.
Полиция келганида гумондорлар далилларни яширишга уринган. Улар қора сумкалардаги буюмларни қўшнилар ҳовлисига ошириб ташлаган.
Гуруҳ аъзолари сўнгги уч йилда 36 минг евро ижтимоий нафақа олгани ва 324 минг евро солиқ тўлашдан бўйин товлагани айтилмоқда. Шунингдек, улар сотган автомобилларнинг юрган масофасини камайтириб кўрсатган.
Рейд давомида икки гумондор воқеа жойида қўлга олинган. Нақд пул қидиришга ўргатилган хизмат итлари ҳам беш хонали миқдорда пул топган.