Эрон Қўшма Штатларга юборган Форс кўрфазидаги сулҳни қайта тиклаш бўйича сўнгги таклифига Вашингтондан жавоб олганини маълум қилди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШнинг жавобини Эрон ҳукуматига етказган.
АҚШ президенти Доналд Трамп жорий йилнинг 27 сентябр куни Эроннинг таклифини рад этганини айтганди. Бироқ Ароқчи Теҳрон Вашингтондан расмий рад жавобини олмаганини билдирган.
Эрон ўтган ҳафта АҚШ билан сулҳни тиклаш бўйича таклиф илгари сурган. Унга кўра, Вашингтон Эрон портларига ўрнатилган блокадани бекор қилиши, Теҳрон эса Ҳўрмуз бўғозини етти кун ичида қайта очиши керак.
Томонлар ўртасидаги музокараларда Қатар воситачилик қилмоқда. Ўтган ҳафта қатарлик воситачилар Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокаралар ўтказган. Қайд этилишича, бу сулҳ барбод бўлганидан бери икки давлат ўртасидаги илк билвосита музокаралар бўлган.
Музокаралардан хабардор расмийга кўра, томонлар келишув учун зарур бўлган қадамларнинг аксарияти бўйича бир фикрда. Бироқ уларни қайси тартибда амалга ошириш масаласида келишмовчилик сақланиб қолмоқда.