Унда Россия НАТОни «хавфли ва масъулиятсиз» ҳаракатларда айблаб, агар Калининград вилоятини Россиянинг асосий ҳудудидан узиб қўйишга уриниш бўлса, ядровий қуролдан фойдаланиш билан таҳдид қилган.
Россия ҳукумати шу тариқа НАТО Болтиқ денгизидаги ҳарбий машғулотлар орқали Калининградни блокада қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги позициясини такрорлаган. Мактубда бундай ҳолат юз берса, Россия «ўзи тасарруфидаги барча куч ва воситалардан, жумладан ядровий қуролдан» фойдаланиши айтилган. Москва, шунингдек, альянс мамлакатларидаги «қарор қабул қилиш марказлари»га зарба беришга тайёрлигини билдирган.
НАТО вакили Эллисон Харт Кремлнинг **«масъулиятсиз ядровий риторикаси»**ни танқид қилди. У НАТО мудофаа иттифоқи эканини ва Россия ҳудудига таҳдид қилмаслигини таъкидлади. Харт Украинага ёрдам бериш давом этишини ва НАТО ўз ҳудудининг «ҳар бир қаричини» ҳимоя қилиш учун зарур воситаларга эга эканини билдирди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков кейинроқ Россиянинг ядровий доктринасига ишора қилиб, Европадаги «иссиққонларни Россиянинг асосий ҳужжатлари ҳақида эслатиш» мутлақо табиий эканини айтди.
Ядровий таҳдид Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар тобора кескинлашаётган бир пайтда янгради. Яқинда Бельгия мудофаа вазири Тео Франкен Европани «қоронғи қиш» кутаётганидан огоҳлантириб, Россия томонидан гибрид ҳужумлар — диверсиялар, киберҳужумлар ва дезинформация кампаниялари кўпайиши мумкинлигини айтган. Бошқа Европа амалдорлари ва ҳарбийлари ҳам шунга ўхшаш хавотирларни билдирган.