Бугун 1 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Flydubai самолётида пичоқланган учувчининг шахси маълум бўлди

Flydubai самолётида пичоқланган учувчининг шахси маълум бўлди

Дубайдан Тель-Авивга йўл олган Flydubai самолётида юз берган фавқулодда ҳодисада жароҳатланган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччар экани маълум бўлди.

Исроил расмийлари келтирган маълумотга кўра, парвоз вақтида иккинчи учувчи Маччарга пичоқ билан ҳужум қилган ва самолёт бошқарувини эгаллашга уринган. Ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳозирча тергов қилинмоқда, Flydubai эса воқеа мотивлари юзасидан шошилинч хулоса чиқармасликка чақирган.

Оғир жароҳат олганига қарамай, Маччар кабина эшигини очишга муваффақ бўлган. Шундан кейин йўловчилар ва экипаж аъзолари кабинага кириб, иккинчи учувчини зарарсизлантирган. Самолёт бортида бўлган яна икки нафар Flydubai учувчиси бошқарувни қўлга олиб, лайнерни Саудия Арабистонининг Табук шаҳрига хавфсиз қўндирган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу маълумотига кўра, бортда жами 174 киши бўлган. Уларнинг катта қисмини Исроил фуқаролари ташкил этган. Фавқулодда вазият пайтида Исроил эҳтимолий самолёт олиб қочиш ҳолатидан хавотирланиб, ҳарбий самолётларни ҳам ҳавога кўтарган.

Маччар ҳозир Табукдаги шифохонада даволанмоқда. Ҳиндистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси унинг аҳволи барқарор эканини маълум қилди. У Flydubai’га қўшилишидан аввал 11 йилдан ортиқ вақт SpiceJet авиакомпаниясида ишлаган.

Нетаняҳу ҳиндистонлик капитаннинг ҳаракатларини алоҳида эътироф этиб, унинг жасорати одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берганини билдирди. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам Маччарни жасорати учун олқишлади.

Ҳодисадан кейин Flydubai Исроилга ва Исроилдан амалга ошириладиган рейсларини тергов даврида вақтинча тўхтатди. Исроил томони эса мамлакатга парвоз қиладиган хорижий авиакомпаниялар учувчиларини текшириш чораларини кучайтиришини маълум қилди.

Киритилди: Бугун 11:13. Ўқилди: 908 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!