Германия декабр ойидан Украинага юқори аниқликда зарба беришга қодир сунъий интеллект ёрдамида бошқарилувчи Helsing учувчисиз учиш аппаратларини етказиб беришни бошлайди.
Қайд этилишича, бу турдаги техникалардан жами 4 минг дона етказилади — Берлин ойига бир неча юз дрон юборади. Ушбу учувчисиз учиш аппаратлари узоқ масофага парвоз қилишга қодир бўлиб, у Украина Қуролли кучлари (УКҚ) ихтиёридаги камикадзе-дронлардан тўрт баробар узоққа уча олади.
Bild маълумотларига кўра, ҳозирда Украинада «реал шароитда фойдаланиш учун» бир нечта Helsing дронлари синовдан ўтказилмоқда. Helsing Украина Мудофаа вазирлиги билан дронларни етказиб бериш бўйича сентябр ойида шартнома имзолаган эди. Молиялаштириш Германия федерал ҳукумати ташаббуси билан илгари сурилган модернизация дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Mini-Taurus номли дронлар дастурий таъминотга эга бўлиб, унинг ёрдамида аппарат электрон кураш тизимларини босиб ўтиши ва GPS фаолияти бузилганда ҳам парвоз қила олиши мумкин. Германия мудофаа вазири Борис Писториус Helsing дронларининг парвозини кузатиб, уларнинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилганини билдирди.
Германия — Украинага АҚШдан кейин энг кўп ҳарбий ёрдам кўрсатаётган иккинчи давлат.