Германия Украинага 650 миллион евролик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. "Интерфакс-Украина" ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда душанба куни Киевга ташриф билан келган Германия канцлери Олаф Шольц ижтимоий тармоқда маълум қилган.
Олаф Шольц Германия Украинанинг Европадаги энг кучли тарафдори бўлиб қолишини таъкидлади. Шунингдек, у янги ёрдам пакети доирасидаги қуроллар декабрь ойида етказиб берилиши кераклигини айтди.
Охирги марта Шольц Киевга 2022 йилнинг ёзида ташриф буюрган эди. Жорий ташрифи давомида у Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди.
Германия Украинага ҳарбий-техник ёрдамнинг асосий донори ҳисобланади. 2022 йилда Берлин ушбу эҳтиёжлар учун тахминан 1,6 миллиард евро, 2023 йилда эса 5 миллиард еврога яқин маблағ ажратди.