Бундестаг томонидан тасдиқланиши керак бўлган ҳужжатга кўра, келгуси йилда умумий харажатлар ҳажмини 555,4 миллиард еврогача ошириш режалаштирилган — бу жорий йилдаги харажатлардан деярли 6 фоизга кўпдир. 2027 йилда янги соф қарз олиш ҳажми 2026 йилдаги 98 миллиард еврога нисбатан 118,7 миллиард еврогача оширилади.
Энг кўп харажатлар Германия Меҳнат ва ижтимоий масалалар федерал вазирлиги ҳиссасига тўғри келади (201,4 миллиард евро). Ушбу маблағларнинг асосий қисми пенсия тўловларига йўналтирилади. Каттагилиги бўйича иккинчи харажат моддаси — мамлакат Мудофаа вазирлиги бюджети бўлиб, уни 32,7 фоизга (82,69 миллиард евродан 109,75 миллиард еврогача) ошириш режалаштирилмоқда.
Молиялаштириш ҳажми бўйича учинчи ўринни Транспорт вазирлиги эгаллайди (26,43 миллиард евро). Мамлакат Молия вазири Ларс Клингбайл режалаштирилган харажатларнинг ўсишини Россия таҳдиди туфайли хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг кескинлашгани билан изоҳлади.
Германия саноат федерал бирлашмаси (BDI) ҳукуматнинг бюджет сиёсатини харажатлар ва қарз олиш ҳажми ошгани учун танқид қилди. BDI бош директори Таня Гённернинг фикрича, мамлакат иқтисодиётига ўсишни рағбатлантирувчи чоралар, шунингдек, давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарур.
Мамлакат Савдо-саноат палаталари федерал бирлашмаси бош директори Хелена Мелниковнинг сўзларига кўра, ижтимоий соҳа, мудофаа ва қарз фоизларини тўлаш харажатлари ҳажми "иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган харажатлар учун деярли жой қолдирмайди". Клингбайл эса Германия тақчилликсиз бюджет билан "ўзини Путиндан ҳимоя қила олмаслигини" таъкидлади.