Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Россияда мигрантларни депортация қилиш учун асослар кенгайтирилди

Россияда мигрантларни депортация қилиш учун асослар кенгайтирилди

Россия Давлат думаси миграция сиёсати талабларини кучайтиришга қаратилган икки қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди.

Қонунлардан бирига кўра, Россияда ёки бошқа давлатда содир этилган ҳар қандай жиноят учун судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган чет эл фуқаролари энди Россия фуқаролиги, яшаш гувоҳномаси ёки вақтинча яшаш рухсатномасини ололмайди.

Бундан ташқари, агар бундай судланганлик кейинроқ аниқланса, аввал берилган ҳужжатлар ҳам бекор қилинади.

Янги нормалар Россияда қочқин мақомини олганлар, шунингдек, сиёсий ёки вақтинчалик бошпана берилган чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди.

Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, «мамлакатимизга фақат ўз юртида қонунни бузмаган ва Россияга келгач ҳам қонунларга риоя қиладиган одамлар келиши, яшаш гувоҳномаси расмийлаштириши ва фуқароликка даъвогар бўлиши керак».

Унинг сўзларига кўра, чет эл фуқаролари рус тилини билиши, шунингдек, мамлакатнинг анъаналари, тарихи ва маданиятини ҳурмат қилиши лозим.

Шу билан бирга, депутатлар Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни ҳам қабул қилди. Янги ҳужжат чет эл фуқаролари маъмурий жарима билан бирга мамлакатдан депортация қилиниши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини сезиларли даражада кенгайтирди.

Энди қоидабузарлар депортациядан қочиш учун оилавий аҳволи ёки Россияда қанча вақт яшаганини асос қилиб келтира олмайди.

Володиннинг айтишича, янги қоидаларга мувофиқ, полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ёки давлат чегарасини кесиб ўтиш вақтида чегарачилар билан можаро чиқариш ҳам депортация учун етарли асос ҳисобланади.

«Агар мигрант полиция ходимларининг талабларига бўйсунмаса ёки чегарада чегарачи билан тортишув бошласа, бу уни мамлакатдан депортация қилиш учун етарли бўлади», — деди Давлат думаси раиси.

Киритилди: 22:44 21.07.2026. Ўқилди: 2188 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!