Германия тарихда илк бор БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланмади. БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш якунларига кўра, мамлакат зарур овозларни тўплай олмади.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Португалия 134, Австрия эса 131 овоз олди. Германияни эса 104 давлат қўллаб-қувватлади. Сайланиш учун камида 127 овоз талаб этиларди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль натижани «аччиқ мағлубият» деб баҳолади. Унинг фикрича, мамлакатнинг Украина ва Исроилни фаол қўллаб-қувватлаши айрим давлатларнинг қаршилигига сабаб бўлган.
Вадефуль Россия Германиянинг Хавфсизлик Кенгашига сайланишига қарши кампания олиб борганини айтди.
«Биз Украинани қатъий қўллаб-қувватлаймиз ва Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида бундай позицияга эга давлатни кўришни истамайди», деди у.
Вазирнинг таъкидлашича, Германиянинг Яқин Шарқ можаросида Исроилни қўллаб-қувватлаши ҳам айрим давлатлар овозига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, у сайловолди дипломатик кампания кеч бошланганини ҳам мағлубият сабабларидан бири сифатида кўрсатди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши беш доимий аъзо — Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШдан ҳамда ўнта доимий бўлмаган аъзодан иборат. У халқаро тинчлик ва хавфсизликка оид санкциялар жорий этиш ёки куч ишлатишни маъқуллаш каби мажбурий қарорлар қабул қилиш ваколатига эга ягона БМТ органи ҳисобланади.
Германия бу лавозимга аввал олти марта сайланган бўлиб, шу вақтгача Бош Ассамблея овоз беришида ҳеч қачон мағлубиятга учрамаган эди.
Сайлов натижалари Германия канцлери Фридрих Мерц учун ҳам жиддий сиёсий зарба сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрича, у мамлакат ичидаги мураккаб вазиятлар билан бир қаторда, халқаро майдонда ҳам нуфузий синовга дуч келмоқда.
Айни пайтда, Қирғизистон тарихда биринчи марта БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланди.