Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазиятга халқаро ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари эътибори сусайганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудда жимжитлик остида геноцид давом этмоқда.
«Tasnim News» хабарига кўра, Ароқчи пайшанба куни ўзининг расмий X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ғазодаги ҳалокатли вазият узоқ вақтдан бери Ғарб оммавий ахборот воситалари сарлавҳаларида деярли ёритилмаётганини ёзган.
«Жимжитлик остида геноцид давом этмоқда ва унга деярли эътибор қаратилмаяпти», — деб таъкидлаган вазир.
Ароқчининг фикрича, бу ҳолат шармандаликдир. Унинг таъкидлашича, Исроил жамоатчилик эътиборини ўз муваффақиятсизликларидан чалғитиш мақсадида янги уруш қўзғашга уринаётган бир пайтда, маълум маънода бунга эришмоқда.