Ғазо сектори матбуот хизмати маълумотига кўра, оғир об-ҳаво шароити ва ёмғир натижасида минтақадаги 1,5 миллионга яқин ички кўчирилган аҳолининг азоби янада ортаётгани қайд этилди. Ёмғир суви вайронага айланган ва муваққат бошпана вазифасини ўтаётган кўплаб чодирларни босиб кетган.
Расмийларга кўра, қиш мавсуми яқинлашар экан, инсонлар дарди кучаймоқда ва гуманитар фалокат янада оғирлашмоқда. Кучли шамол эса аллақачон шикастланган чодир ва бошпаналарни парчалашда давом этмоқда.
Баённомада айтилганидек, дунё бу фожиани камералар орқали кузатмоқда — минглаб оилалар ёмғир ва шамол оқибатида яна бошпанасиз қолган. Бу ҳолат Ғазодаги гуманитар инқироз кўламини яққол намоён қилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, аҳолини тезкор бошпана билан таъминлаш учун ҳозирда камида 250 минг чодир ва 100 минг турар-жой карвони зарур. Инфратузилманинг вайрон бўлгани, контейнер ва чодирлар етишмаслиги туфайли фаластинликлар яна ёмғир остида қолмоқда.
Ғазо маъмурияти халқаро ҳамжамиятни — БМТ, Араб Лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа институтларни — тезкор равишда гуманитар, тиббий ва бошпана ёрдамини етказишга чақирди. Шунингдек, Исроилнинг гуманитар ёрдам киритишдаги кечикиши кескин танқид қилинди.
Баёнотда олиб қўйилган ички кўчирилганлар тақдири учун жавобгарлик энди барча томонлар зиммасига тушиши таъкидланди ва ўт очишни тўхтатиш келишуви кафолатчилари ўз мажбуриятларини бажаришга чақирилди.