Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жазирама иссиқдан ҳимояланиш учун аҳолига қатор тавсиялар берди.
Маълум қилинишича, қуёш уриши очиқ ҳавода тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, лекин иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтиб ҳам бошланиши мумкин. Қуёш уришидан сақланиш учун бир нечта тавсиялар берилди. Жумладан:
- иложи борича соат 10:00 дан 17:00 гача тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлмаслик;
-
табиий матолардан (пахта, каноп) тайёрланган кийим кийиш;
- енгил, ёрқин рангли бош кийим кийиш, кўзга қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш;
- сув ичиш режимига амал қилиш. Тартибсиз кўп миқдорда сув ичиш чанқоқни яхши босмайди, лекин юракни зўриқтиради. Яхшиси аччиқроқ дамланган чой, квас, ҳар хил шарбатлар, минерал сув ичиш лозим;
- қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланиш;
- қуёшда бўлиб қайтгандан сўнг, душ қабул қилиш ёки ҳўл сочиқ билан артиниш;
- оч қоринга ёки овқат егандан сўнг дарҳол қуёш остида бўлмаслик.
Қуёш уриши ёки иссиқ уриши белгилари:
- дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва чанқаш кузатилади;
- бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ бўлиб, пулс ва нафас тезлашади. Айрим пайтларда кўнгил айниши ва қусиш кузатилиши мумкин. Терлаш кучаяди, бурундан қон кетиши мумкин;
- юрак-қон томир фаолияти ва нафас олиш кескин бузилади, ҳушини йўқотиши мумкин;
- айрим пайтларда тутқаноқ тутиши, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши мумкин.
Қуёш уришининг оғир шаклида тер ажралиши тўхтайди, агарда беморга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, нафас ва юрак тўхташи мумкин.