Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Таклифга кўра, 11 тоифадаги фуқароларга ҳаво, темир йўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилади. Бунда амалдаги қоғоз талонлардан воз кечилиб, чипта харид қилиш учун ID карта ёки биометрик паспортни тақдим этишнинг ўзи кифоя қилади.
Қайд этилишича, фуқароларнинг имтиёзга эгалиги “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали автоматик текширилади. Бу эса қоғоз ҳужжатлар айланишини камайтириш ва имтиёзлардан фойдаланиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб имтиёзли авиа, темир йўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Барака” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имкониятини яратиш таклиф этилди.
Ҳозирда 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишда қатнашган 48,4 мингдан ортиқ фуқаро транспорт имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 2025 йил давомида улар мазкур хизматлардан 1,7 миллион марта фойдаланган.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни ҳудудларда сифатли йўлга қўйиш ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.