Газ таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун электр энергияси тарифларини дифференсиаллаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда қарийб 2 мингта маҳаллага табиий газ етиб бормаган. Мазкур ҳудудларда яшовчи фуқаролар уйларини электр энергияси билан иситаётган бўлса-да, бунинг учун амалдаги тарифлар бўйича ҳақ тўламоқда.
Вазир президент ҳақиқий вазиятдан келиб чиқиб, элект энергияси учун тариф сиёсатини ўзгартириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Бунда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, кўп қаватли ёки якка тартибдаги уй-жой тури ҳамда энергоресурслар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб, индивидуал тарифлаш тизими ишлаб чиқилади.
“Табиий газ етиб бормагандан кейин, иситиш учун электр энергиясидан фойдаланаётган экан, истеъмолчининг чегирма олишга ҳаққи бор”, — деди Шерзод Ходжаев.
Газ етиб бормаган уйлар учун электр тарифига енгиллик бериш режаси бир неча йилдан буён айтиб келинмоқда. Собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йилнинг кузида хонадонини электр энергияси ёрдамида иситувчи истеъмолчиларга чегирма беришни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилиб, уни 2025 йилдан жорий этишга ваъда берган эди.