Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ва унинг севгилиси Жоржина Родригес тўй маросимига тайёргарлик кўрмоқда.
Журналист Эсегбона Луиснинг маълум қилишича, тўйга таклиф этилган меҳмонлар орасида жаҳон футболи юлдузлари Лионель Месси ва Неймар ҳам бор.
Аввалроқ собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ҳам таклифнома олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Россиялик жангчи бир неча бор Роналду билан яқин дўстона муносабатда эканини таъкидлаган.
The Sun нашри маълумотига кўра, тўй 8 август, шанба куни, Роналдунинг туғилиб ўсган ватани — Мадейра оролида бўлиб ўтади. Маросимни Фуншал шаҳридаги бош соборда ўтказиш, шундан сўнг меҳмонларни беш юлдузли меҳмонхонада қабул қилиш режалаштирилган. Бироқ ушбу маълумотлар ҳозирча Роналду ёки унинг вакиллари томонидан расман тасдиқланмаган.
Нашр манбасига кўра, меҳмонхона мижозларига жума ва шанба кунлари бинодаги икки қават ҳамда бир нечта бар ҳудуди ёпиқ бўлиши ҳақида олдиндан огоҳлантириш берилган.
Роналду ва Жоржина Родригес 2016 йилда танишган ва кўп ўтмай муносабатларни бошлаган. Улар беш нафар фарзандни тарбияламоқда. Шулардан икки нафари Жоржина томонидан дунёга келтирилган.