Францияда Шамонда вирусини юқтирган илк инсон вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ушбу ҳолатни алоҳида ҳодиса сифатида баҳолаб, вазиятни кузатиб бормоқда.
«Марказий Осиё» нашри хабар беришича, вирус Франциянинг Лион шаҳрида бошқа жиддий касалликдан даволанаётган кекса беморда аниқланган. Франция соғлиқни сақлаш бош директори Грегори Эмерининг таъкидлашича, беморнинг вафотига, асосан, иммунитет тизимининг жуда заифлашгани сабаб бўлган.
ЖССТ Франция расмийлари билан яқин алоқада эканини ва вазиятга оид янги маълумотлар пайдо бўлиши билан қўшимча ахборот беришини маълум қилди. Ҳозирча ушбу ҳолат алоҳида ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.
Шамонда вируси ҳақида нималар маълум?
Шамонда вируси асосан қорамол, қўй, эчки, от ва алпакалар каби ҳайвонларни зарарлайди. У илк бор 1965 йилда Нигерияда қорамолларда аниқланган.
Касалланган ҳайвонларда иситма, ич кетиши, сут маҳсулдорлигининг пасайиши ва янги туғилган бузоқларда ривожланиш нуқсонлари кузатилиши мумкин. Вирус асосан Куликоидес туркумига мансуб майда қон сўрувчи ҳашаротлар орқали юқади.
Ҳозирча Шамонда вирусига қарши махсус вакцина ёки вирусга қарши дори мавжуд эмас.