Лицейлар (Францияда катта синф ўқувчилари ўқийдиган мактаблар) ўқувчилари синфхоналар тўлиб тошгани, ўқитувчилар етишмаётгани, ўқув бинолари ёмон ҳолатдалиги ва дарс жадвали жуда тиғиз тузилганидан эътироз билдиришмоқда.
Намойишлар Париж ташқарисидаги Ил-де-Франсда бошланганди, аммо тезда бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Таълим вазирлиги норозилик акциялари мамлакатдаги 3700 га яқин мактабдан 356 тасини қамраб олганини маълум қилди.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 600 дан ортиқ намойишчилар қўлга олинган, уларнинг аксари вояга етмаган ўсмирлардир.
Йирик шаҳарларда норозилик акциялари мактаб ўқувчиларининг полициячилар билан тўқнашувларига айланган. Айрим ҳолатларда намойишчилар ёнувчи аралашма солинган шишалардан фойдаланган ва полициячиларни тошбўрон қилган. Бунга жавобан полициячилар кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган. Тартибсизликлар бошланганидан бери камида 83 нафар полициячи ва жандарм, шунингдек, 119 нафар ўқувчи ва мактаб ходими жароҳатланган.