Франция президенти Эммануел Макрон Европа учун ядровий тўхтатувчининг янги форматини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди, у Германияни ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Le Monde нашрига берган интервюсида у Германиянинг эҳтимолий янги канцлери Фридрих Мерцнинг мурожаатидан сўнг Париж бу масала бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини таъкидлади.
Newsweek нашрининг ёзишича, Франция бу ҳаракатни АҚШнинг Европадаги мавқеи заифлашаётгани фонида кўриб чиқмоқда. Парижнинг қарори Дональд Трампнинг АҚШнинг НАТОдан чиқиши эҳтимоли ва Вашингтоннинг миллий манфаатлари Европа иттифоқчиларидан устунлиги ҳақидаги сигналларига муносабат бўлди.
Бугунги кунда Франция ва Буюк Британия Европадаги ягона ядровий давлатлардир. Бироқ, шунингдек, қитъада, асосан, Германиядаги базаларда жойлашган 100 га яқин Америка ядровий каллаклари мавжуд. Трампнинг АҚШнинг узоқ муддатли мажбуриятларини шубҳа остига қўювчи риторикасини инобатга олсак, Европа ядровий мудофаасини яратиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон, The Telegraph нашри ёзганидек, Европанинг ядровий салоҳиятини мустаҳкамлаш ғоясини қўллаб-қувватлаган ва ҳатто Россиянинг доимий таҳдидлари олдида Украина ўз ядро арсеналига эга бўлишга маънавий ҳуқуқи борлигини таъкидлаган.
The Telegraph нашрининг ёзишича, Европада ядровий мудофаа бўйича музокаралар ҳали бошланмаган, бироқ Макрон Франция ядровий арсеналининг ЕИ хавфсизлик тизимидаги ўрни бўйича мунозара ғоясини фаол равишда илгари сурмоқда. Бу шунингдек, Британияни ядровий тўсиқ бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.