Дубайдан Тель-Авивга учаётган FlyDubai рейси бортида содир бўлган воқеа исроилликлар, БАА ва Авраам келишувларига қаратилган террористик ҳужумга уриниш сифатида кўриб чиқилмоқда.
Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Исроилнинг дастлабки маълумотларига кўра, учувчилардан бири бортида йўловчилар бўлган самолётни уриб туширишни ният қилган.
Баёнотда қўшимча қилинишича, воқеа пайтида профессионаллик кўрсатган йўловчилар ва иккинчи учувчининг ҳаракатлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган фалокатнинг олди олинган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги воқеа Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларга зарар етказмаслигини ёки минтақадаги тараққиётга тўсқинлик қилмаслигини таъкидлади.
"Тинчлик ва нормаллашувни бузишга интилганлар минтақамизнинг келажагини белгиламайди. Исроил БАА билан муносабатларини юқори баҳолайди ва икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга содиқдир", дейилади баёнотда.