4 ноябрдан мактабларда кузги таътил бошланади. Қонунчиликда айрим ота-оналар учун фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиш имконини берувчи қўшимча таътиллар назарда тутилган.
Меҳнат кодексининг 401 ва 402-моддаларига кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ фарзанди ёхуд 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналардан бири бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин. Бу ота-она ўрнини босувчи шахсларга ҳам тааллуқли.
Уларга ҳар йили камида 4 календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, хоҳишига кўра, 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиш мумкин.
Ушбу таътилларни йиллик меҳнат таътилига қўшиб ёки иш берувчи билан келишиб, алоҳида – тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб олиш мумкин.
Таътиллардан тегишли иш йилида фойдаланиш керак: улар кейинги иш йилига кўчирилмайди. Ҳақ тўланадиган қўшимча таътилни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.