Россияда ижод қилиб келаётган ўзбекистонлик таниқли актёр Фарҳод Маҳмудов "Ўзбеккино" МА билан ҳамкорликда "Пари совғаси" деб номланган фильм суратга олади. Ушбу фильм 6 ёшдан катта бўлган болалар аудиториясига мўлжалланган бўлиб, эртак жанридаги картина ҳисобланади.
- Ҳозир суратга олиш учун тайёргарлик жараёни кетяпти, суратга олиш эса баҳорда режалаштирилган. Лекин фильм учун актёрларни танлаш ноябрь ойида бошланади. Фильмда рус актёрлари ҳам, ўзбек санъаткорлари ҳам иштирок этади, - дейди актёр.
Тасвирга олиш ишлари Бухоро, Самарқанд ва Хивада булиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу фильм "ВЕГА" кинокомпанияси ва "Ўзбеккино" МАнинг ҳамкорликдаги маҳсулоти. Лойиҳа сўнгги йиллардаги Россия ва Ўзбекистоннинг илк жиддий ва тўлақонли қўшма киномаҳсулоти бўлиши кутилмоқда.
- Агар бу биринчи тажрибамиз муваффақиятли чиқса, "Ўзбеккино" билан биргаликда ва Россия Маданият вазирлиги кўмагида навбатдаги лойиҳаларимизни амалга оширишда давом этамиз - дея кўшимча қилди Фарҳод Маҳмудов.