Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида судлар фаолиятини ёритиш масалалари бўйича маҳаллий журналист ва блогерлар учун ўқув семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда иштирокчиларга Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходимлари томонидан суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг амалга оширилиши, шунингдек, судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги куни “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, семинар-тренинг давомида малакали тренерлар суд органларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари, ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, жавобгарлик масалалари ҳамда суд ишларига доир материалларни тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида атрофлича маълумот беришди.
Ўқув машғулоти сўнгида Фарғона вилояти судлари раислари билан журналист ва блогерлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, томонлар ўзаро фикр алмашдилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.