23 октябрь куни Фарғона шаҳридаги 47-, 2- ва 7-боғчалар тарбияланувчиларида иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши кузатилган.
Шифохона маълумотига кўра, 51 нафар боланинг 31 нафари уйига жавоб берилган, 20 нафари эса даволанишни давом эттирмоқда. Барча болаларнинг аҳволи қониқарли, оғир ҳолатлар қайд этилмаган.
Мазкур учта боғчага ўша куни сут маҳсулотлари «Chorvador» фермер хўжалиги томонидан етказиб берилган. Бироқ заҳарланишга айнан шу маҳсулотлар сабаб бўлгани ҳозирча тасдиқланмаган.
Санитария-эпидемиология хизмати озиқ-овқат маҳсулотлари, ошхона, гуруҳлар ва ходимлардан намуналар олиб, лаборатория текширувларини ўтказмоқда.
Маълум қилинишича, учала боғча карантинга олинмаган ва фаолият юритмоқда. Ҳодиса юзасидан текширув натижалари кутилмоқда.