Фарғона шаҳридаги 66-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 6 ёшли болани ток уриши билан боғлиқ иш юзасидан яна уч нафар мансабдор шахснинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли материаллар прокуратурага юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2026 йил 23 июндаги ҳукмига кўра, боғча тарбиячиси Н.Р., «Фахр» хусусий корхонаси иш юритувчиси Ж.М. ҳамда Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси электромонтёри Д.Х. Жиноят кодексининг 116-моддаси 1-қисмида назарда тутилган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда айбдор деб топилган ва уларга тегишли жазолар тайинланган.
Суд қарорига кўра, судланувчилардан жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 45 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳам белгиланган.
Боланинг отаси А. Қодиров суд ҳукмидан, шунингдек, ҳодисага алоқадор деб ҳисоблаган бошқа шахслар жавобгарликка тортилмаганидан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.
Апелляция инстанцияси томонидан 66-сонли ДМТТ раҳбари, «Фахр» МЧЖ раҳбари ҳамда Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси мансабдор шахсларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш масаласида тегишли материаллар Фарғона шаҳар прокурорига юборилган.
Шунингдек, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилиш сўралган.
Суд муҳокамаси тергов органи томонидан қўйилган айблов доирасида ўтказилгани сабабли, тергов жараёнида жиноий жавобгарликка тортилмаган шахсларнинг айбдорлиги масаласини суднинг ўзи ҳал қилиши мумкин эмас.
Айни вақтда боланинг отаси Фарғона вилояти судига тафтиш тартибида ҳам шикоят киритган. Ушбу шикоятдаги важлар тафтиш инстанцияси томонидан кўриб чиқилади.