Криптоактивлар савдоси билан қонунга хилоф равишда шуғулланган шахс Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
Тезкор тадбир жараёнида гумонланувчининг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада бир дона ноутбук, иккита мобил телефон ҳамда 43 та банк пластик картаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Дастлабки суриштирувларга кўра, гумонланувчи мазкур техник қурилмалар орқали умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг USDT криптоактивлари билан ноқонуний операцияларни амалга оширган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу операцияларнинг барча ҳолатлари юзасидан текширувларни давом эттирмоқда.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278–8-моддаси — криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.