2006 йилги Жаҳон чемпиони ва “Олтин тўп” соҳиби, айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган Фабио Каннаваро фаолиятидаги энг катта мақсади ҳақида гапирди. Италиялик мутахассис келажакда ўз ватани бош жамоасини бошқаришни орзу қилишини яшириб ўтирмади.
Бу ҳақда тажрибали устоз Италиянинг нуфузли La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида тўхталиб ўтган.
“Ўзимни яна йигирма йилдан кейин ҳам мураббийлик касбида тасаввур қила оламан. Менинг айни пайтдаги бор меҳнатим кун келиб Италия терма жамоасини бошқаришга қаратилган”, — дейди Каннаваро.
Шу билан бирга, италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ҳозирги иш жараёни ва у ердаги ички муҳит унга катта завқ бағишлаётганини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, ўзбек футболчиларининг ўрганишга бўлган иштиёқи жуда юқори.
“Жамоадаги йигитлар мураббийлар штаби томонидан берилаётган ҳар бир кўрсатмани тез фурсатда ўзлаштириб олишга интилишмоқда. Ҳеч ким нолимайди, ҳамма фақат олдинга интилишни ва ўз маҳоратини оширишни истайди”, — дея таъкидлади бош мураббий.
Суҳбат давомида Каннаваро Италия футболидаги инқирозли вазиятга ҳам тўхталиб, маҳаллий клублар ўз академиялари ва ёшлар футболига кўпроқ сармоя киритиши лозимлигини қайд этди.
Маълумот учун, Италия миллий терма жамоаси ўз тарихида кетма-кет учинчи бор Жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса ўз тарихида илк бор ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олди. Вакилларимиз мундиалнинг гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ҳамда ДР Конго терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.