Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас бу фикрларни Лимасолдаги ЕИ ташқи ишлар вазирлари саммитига етиб келганида журналистларга маълум қилди. Каллас Европа Иттифоқи ҳозирча Владимир Путин билан музокара олиб борувчи аниқ бир шахсни тайинламасликка қарор қилгани ҳақидаги оммавий ахборот воситалари хабарларини билвосита тасдиқлади.
"Менга бу худди тузоқдек туюлмоқда. Россия улар билан ким гаплашишини муҳокама қилишимизни хоҳлаяпти. Улар аллақачон ким мос келиши-келмаслигини ўзлари белгилашмоқда. Бу тузоққа тушмайлик. Музокаралар — бу доим жамоавий иш. Энг муҳими эса уларнинг мазмунидир", — дейди у.
Бу мазмун нималардан иборат эканлиги ва эҳтимолий музокараларда ЕИ учун қайси бандлар муҳим бўлиши ҳақидаги саволга у нафақат Украина, балки Россиянинг Приднестровье, Абхазия ва Жанубий Осетиядаги қўшинлари ҳам муҳокама қилиниши керак деб жавоб берди.
"Россия қўшниларига ҳужум қилмаслик ва уларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган халқаро келишувларни ҳурмат қилиши лозим. Аммо бошқа масалалар ҳам бор. Масалан, улар Украинадан талаб қилган ён беришларнинг ўзаро тенг кўзгудек ижро этилиши. Айтайлик, қуролли кучларни қисқартириш. Бу Москвага ҳам тегишли бўлиши керак. Ва албатта, Россия қўшинларининг Молдова ва Грузияда эканлиги катта хавотир уйғотмоқда.
Европа хавфсизлиги манфаатлари учун бу қўшинлар у ерда бўлмаслиги ва улар бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашмаслиги зарур", — деди Каллас.
У бу энг юқори талабларни қўювчи ёндашув эканлигини тан олди.
Аммо Россиянинг ёндашуви ҳам ҳозирча максималистик талабларга асосланган", — дея таъкидлади Каллас.