2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро мундиал олдидан ютубдаги Markaziy Sektor каналининг махсус сони учун интервью берди.
Италиялик мутахассис терма жамоанинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам фикр билдириб, 22 ёшли ҳимоячининг салоҳиятини юқори таъкидлади.
Каннаваро интервью давомида Ҳусановнинг устун жиҳатларини эътироф этган ҳолда “Унинг салоҳияти жуда катта. У Пеп Гвардиола қўл остида “Манчестер Сити”да ўйнади”, - деди.
Терма жамоа бош мураббийи Ҳусанов эътибор қаратиши керак бўлган камчиликларни ҳам тилга олди. Хусусан, Каннаваро Ҳусановга ўйин вазиятларини яхшироқ ўқишни ўрганиш муҳимлигини ва Абдуқодирнинг ўйинида ортиқча фоллар кўплигини айтди.
Бундан ташқари, футболчилик даврида жаҳоннинг ээнг зўр ҳимоячиларидан бўлган италиялик мутахассиснинг фикрича, Ҳусанов баъзан жисмоний кучига ортиқча таянади. Шу сабабли ҳимоячи кераксиз сариқ ва қизил карточкалар олади.
Каннаваро Абдуқодир майдонда рақибнинг жойлашувини ҳисобга олиши кераклигини, хусусан, майдоннинг турли ҳудудларида амалга ошириладиган ҳаракатларга эътибор қаратишни тавсия қилди.
- Агар рақиб ён чизиқ яқинида бўлса, нима учун унга нисбатан дарҳол фол қилиш керак? Бундай вазиятда рақиб ҳаракатини назорат қилиш ва тўпни олиб қўйиш учун мос фурсатни кутиш яхшироқ, - дея тушунтирди Фабио Каннаваро.
Шу билан бирга, Каннаваро жарима майдонида вазият бутунлай ўзгаришини таъкидлаб, Ҳусановни жарима майдонида бошқачароқ ҳаракат қилишга чақирди. Абдуқодир марказий ҳимоячи позициясида тўпни олиб қўйиш учун максимал даражада ҳаракат қилиши шарт.
Ўз даврида ҳимоячи сифатида катта тажриба тўблаган Фабио Каннаваро мана шундай ҳолатларни тўғри тушуниш Ҳусановга тезроқ ўсишга ёрдам беришига ишонч билдирди ва бундай хатолар ёш футболчи учун оддий ҳолат эканини ҳам таъкидлади.