Бугун 12 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Европада муваффақиятсизликка юз тутаётган Tesla: сотувлар 81 фоизгача пасайди

Европада муваффақиятсизликка юз тутаётган Tesla: сотувлар 81 фоизгача пасайди

Tesla учун айниқса апрел Европада омадсиз келди. Мутахассисларнинг фикрича, компанияни фақат янги, арзонроқ моделгина қутқариб қолиши мумкин.

Қатор давлатларда апрел ойида Tesla’нинг сотувлари сўнгги йиллардаги энг паст даражага тушиб кетди. Швецияда талаб дарҳол 81 фоизга камайди — бу 2022 йил кузидан бери энг паст кўрсаткичдир. Худди шундай вазият Нидерландияда (-74 фоиз), Данияда (-67 фоиз), Францияда (-59 фоиз) ва Португалияда (-33 фоиз) ҳам кузатилмоқда.

Апрелда Tesla Швецияда бор-йўғи 203 та авто сотган — бу 2022 йил октябридан бери энг паст натижа. Нидерландияда 382 та, Португалияда 302 та авто сотилган. Айрим бозорларда, аксинча, ўсиш қайд этилган: Италияда 446 авто (+29 фоиз), Норвегияда 976 та (+12 фоиз).

Компания Европа бозорида талабни ошириш мақсадида маркетингни кучайтирди — чегирмалар, қулай кредитлар ва бошқа бонуслар таклиф этилди. Бироқ бу ҳаракатлар ҳали сезиларли самара бермади.


Tesla бозордаги улушини йўқотмоқда

2024 йил март ойида Tesla’нинг Европа Иттифоқидаги электромобиллар бозоридаги улуши 8,8 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу ойидаги 19,7 фоизлик кўрсаткичдан деярли икки баробар кам. Сотувлар пасайиши фонида компаниянинг чораклик даромади 20 фоизга тушди, соф фойда эса 71 фоизга қисқарди.

Қизиғи шундаки, электромобиллар бозори умумий ҳолда ўсишда давом этмоқда — 2023 йил апрелига нисбатан 28 фоизга кўтарилган. Бироқ Tesla бу ўсишга мослаша олмаяпти: жорий йилнинг биринчи чорагида компаниянинг Европа бўйича сотувлари 37 фоизга камайди.

Инвесторлар учун тушкун рақамлар

Tesla’нинг (регулятор кредитларсиз) операцион маржаси 2024 йилнинг биринчи чорагида 12,5 фоизни ташкил этди — бу аввалги чоракдаги 13,6 фоиздан кам. Бу аслида кутилаётган 11,8 фоизлик кўрсаткичдан яхши бўлса ҳам, инвесторларнинг кутилмаларини қондирмади.

Хитой рақобати ва бошқа хавфлар

Tesla’нинг позицияларига таъсир этувчи омиллар сирасига Илoн Маскка қарши Европадаги норозиликлар, Хитой автогигантларининг экспансияси ва янгиланган Model Y’нинг кечиккан ишлаб чиқарилиши киради.

Rho Motion маълумотига кўра, Хитойнинг BYD компанияси Евроиттифоқ бозорида 2,9 фоиз улушга эга бўлди, XPeng — 1,2 фоиз. Плагин-ҳибрид сегментида BYDнинг улуши 3,1 фоиз, SAIC — 3,9 фоиз, Chery — 0,6 фоизни ташкил қилмоқда.

«Tesla’нинг технологик устунлиги энди илгаригидек ишонч уйғотмайди», — деди SC Insights ҳаммуассиси Энди Лейланд.

Ягона умид — янгиланган Model Y

Компания Европа бозорида рестайлинг қилинган Model Y учун буюртмаларни қабул қилишни бошлади, бироқ етказиб бериш ишлари июндан аввал бошланмайди. Rho Motion компаниясининг автомобил саноати бўлими раҳбари Уилл Робертсга кўра, ишлаб чиқаришдаги танаффуслар прогнозига жиддий хавф солмоқда.

Имиж муаммолари ва Маскка қарши кампаниялар

Tesla’нинг репутацион муаммолари ҳам ортиб бормоқда. Илoн Маскнинг Доналд Трампни очиқ қўллаб-қувватлаши ва сиёсий баёнотлари бир қатор давлатларда норозиликларга, зарядлаш станцияларидаги вандализм ва бойкот чақириқларига сабаб бўлмоқда.

Electrifying.com сўровига кўра, респондентларнинг 59 фоизи Маскнинг сиёсий позицияси уларнинг Tesla сотиб олишга бўлган қизиқишини пасайтирганини айтган.

Трамп божлари ва иқтисодий босим

Tesla энди иқтисодий босимга ҳам дуч келмоқда. Reuters маълумотига кўра, компания Хитойдан айрим компонентлар етказиб беришни тўхтатган, чунки АҚШ Хитой импортига божларни 145 фоизгача оширган. Бунга жавобан Хитой ўз чекловларини киритди ва ички бозорда Model S ва Model X’га буюртмалар вақтинча тўхтатилди.

Маск божларнинг пасайишини қўллаб-қувватлашини ва Tesla глобал иқтисодий ноаниқликдан ҳимояланган эмаслигини таъкидлади. Унга кўра, бу беқарорлик истеъмолчиларни йирик сарфлардан, жумладан автомобил харидидан тийиб турибди.

«Агар макроиқтисодий муаммолар бўлмаганида, талаб пасаймаган бўларди», деди Маск. Унга кўра, айниқса, энергетика бўлими янги божлардан кўп зиён кўради.

Сиёсий фаолликдан Tesla’га қайтиш

Илгари бюджет танқидлари ва Трамп маъмуриятидаги ташаббусларда фаол иштирок этиб келган Маск сўнгги постларида Tesla, SpaceX, xAI ва Neuralink’ка қайтиши ҳақида хабар берди. Camelthorn Investments инвестори Шон Кэмпбеллнинг фикрича, Маскнинг компанияга қайтиши акциялар учун ижобий, бироқ тўлиқ ўсиш фақат у сиёсий саҳнадан тўлиқ четлашса амалга ошади.

Tesla’нинг келажаги — арзон, оммавий моделда

Компаниянинг асосий умиди — арзон ва оммавий янги модел. У мавжуд ишлаб чиқариш қувватларида йиғилади, чунки янги бюджет платформаси яратиш лойиҳаси ўтган йили бекор қилинган.

Ишлаб чиқариш муддати кечикиши мумкин. Tesla вице-президенти Ларс Моравининг айтишича, янги модел ташқи кўриниши бўйича амалдаги автофургонларга ўхшайди, аммо нархи анча арзон бўлади: «Бу — ҳақиқий харид қилинадиган автомобиль».

Роботаксилар лойиҳаси ва хавотирлар

Компания Остинда (Техас штати) роботакси пилот лойиҳасини июнда бошлашни режалаштирмоқда. Рухсат олиш жараёнлари давом этмоқда, бироқ экспертлар оммавий қўллашда хавф ва ҳуқуқий хатарлар мавжудлигини айтишмоқда.

Маскнинг айтишича, 2026 йил иккинчи ярмида миллионлаб автоном Tesla автомобиллари йўлларда бўлади.

Шунга қарамасдан, ишонч пасайиб бораётган, рақобат кескинлашган шароитда Tesla учун осон кунлар кутилмаяпти. Маск раҳбарликдан кетиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди — у компанияда қолиб, натижа кўрсатишга ваъда берди. Инвесторлар эса тинчлантирувчи баёнотлар эмас, молиявий ҳисоботларда сезиларли ўзгаришларни кутмоқда.

Киритилди: Бугун 05:49. Ўқилди: 346 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!