Бугун 21 февраль, 2025 йил, жума

O'ZB

Европа Иттифоқи ва Иордания ҳамкорлик ҳужжатини имзолади

Европа Иттифоқи ва Иордания ҳамкорлик ҳужжатини имзолади

Иордания қироли Абдулла II Брюсселга ташриф буюрди, у ерда Европа Иттифоқи ва Иордания ўртасида стратегик ва кенг қамровли шериклик тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.

“Ушбу ҳамкорлик туфайли Европа Иттифоқи ва Иордания узоқ йиллик муносабатлар ва дўстликни ҳар икки томон учун умумий таҳдидларга имкон қадар самарали курашиш ва тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби умумий қадриятларни ривожлантириш учун чуқурлаштирмоқда”, – дейилади Европа Комиссияси раиси У. Ляйен баёнотида.

Европа баҳосига кўра, Иордания Европанинг Яқин Шарқ ва Ўрта ер денгизидаги асосий ҳамкори бўлиб, минтақавий барқарорлик таянчи бўлиб хизмат қилади.

“Мамлакат миллионлаб қочқинларни қабул қилишда катта сахийлик кўрсатди ҳамда минтақа ва бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга тўлиқ содиқдир”, – дейилади ҳужжатда.

Иордания Ғазода ўт очишни тўхтатиш режимини сақлашда муҳим рол ўйнайди ва Европа Иттифоқи унинг гуманитар ёрдам учун минтақавий марказ сифатидаги аҳамиятини тан олади. Суриядаги ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш бўйича Иордания етакчилиги унинг минтақа келажагини шакллантиришдаги ҳал қилувчи ролини белгилайди.

Стратегик ва кенг қамровли ҳамкорлик учта асосий мақсадга йўналтирилган: Иордания барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, қирол Абдулла II нинг сиёсий, иқтисодий ва маъмурий модернизация дастурини илгари суриш, шунингдек, мамлакат иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш.

Бугун Европа Иттифоқи Иорданияни ҳозирги геосиёсий қийинчиликларни енгиб ўтишда, жамиятда ўсиш ва ривожланишга ёрдам берувчи ислоҳотларни амалга оширишда ҳамда иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун сармояларни жалб қилишда қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Ушбу ҳамкорлик 2025-2027 йилларга мўлжалланган 3 миллиард евролик молиявий ва инвестиция пакети билан қўллаб-қувватланди. Бу сезиларли ўсиш бўлиб, Яқин Шарқдаги муаммоларнинг долзарблиги ва кўламини акс эттиради.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Европа Иттифоқи ва Иордания сиёсий муносабатлар ва минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва мудофаа, иқтисодий барқарорлик, савдо ва сармоя, таълим ва малака ошириш, миграция масалалари ва қочқинларни қўллаб-қувватлаш каби кенг кўламли соҳаларда ҳамкорлик қилади.

“Бугун қирол Абдулла II ва Иордания халқига мурожаатим шу: Европа шерикликни юксак қадрлайди. Сизнинг жасоратингиз ва минтақавий барқарорликни таъминлашга содиқлигингиз эътирофга лойиқдир. Европа ҳамиша сиз билан бўлади – синовларда ҳам, муваффақиятларда ҳам”, – деди У.Ляйен ўз баёнотида.

Киритилди: 16:05 30.01.2025. Ўқилди: 617 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!