Европа Иттифоқи Исроилга мамлакатни қамраб олган ўрмон ёнғинларини ўчиришда ёрдам беради.
Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен "Х" ижтимоий тармоғида маълум қилди.
"Биз Европа фуқаро муҳофазаси механизмини фаоллаштирдик. Ёнғин ўчириш самолётлари Греция, Кипр, Хорватия ва Италиядан жўнатилди", деб ёзди ЕК раҳбари.
Яҳудий миллий жамғармаси маълумотларига кўра, чоршанба куни эрталабдан бери Исроилда 20 квадрат километрга яқин ҳудуд ёниб кетган, уларнинг ярмидан кўпи ўрмон билан қопланган.
Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Исроилда кучли жазирама вақтида Қуддус тоғларида ўрмон ёнғинлари содир бўлган эди. Кучли қуруқ шамол таъсирида аланга тезда Қуддус ғарбидаги қатор ҳудудларга тарқалди. Кун давомида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ёнғин содир бўлди, бу эса автомобиль ва темир йўлларнинг тўсиб қўйилиши, шунингдек, айрим қишлоқлардан аҳолининг эвакуация қилинишига олиб келди.