Reuters агентлиги манбаларига кўра, Европа Иттифоқи миқёсида ягона қарорга келинмаганига қарамай, Франция бошчилигидаги қатор Европа давлатлари Исроилнинг Ғарбий соҳилда олиб бораётган фаолияти учун унга қарши навбатдаги санкцияларни эълон қилиш арафасида.
Европа Иттифоқида Исроилга нисбатан қатъийроқ чоралар кўришга қаратилган саъй-ҳаракатлар блоклангани сабабли бир қатор давлатлар мувофиқлаштирилган миллий санкцияларни энг мақбул вариант деб ҳисобламоқда. Баёнот яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Ғарбий соҳилдаги зўравонликларга алоқадор шахсларга қарши санкцияларни Франция фаол илгари сурмоқда ва бу режани Буюк Британия ҳамда Норвегия билан мувофиқлаштирмоқда. Франция расмийларининг таъкидлашича, улар АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият ҳамда Исроилнинг Ливандаги ҳарбий кампанияси фонида Фаластин масаласини халқаро кун тартибида сақлаб қолишни мақсад қилган.
Май ойида Европа Иттифоқи Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги фаолияти доирасида фаластинликлар ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган айрим жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритган эди.
Исроилнинг Ғарбий соҳилда манзилгоҳлар ташкил этиш сиёсати халқаро ҳамжамият ва Фаластин мухторияти билан муносабатлардаги асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Фаластинликлар буни Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олиш сиёсати деб билади ва бу тинчлик ўрнатиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.