Еврокомиссия расмий вакили Анвар аль-Ануни Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокараларда Европанинг воситачи сифатида иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб беришдан бош тортди. Брюсселдаги брифингда у журналистларга «тахмин қилмаслик»ни тавсия қилди ва гапни бошқа томонга бурди.
> «Биз бу босқичда тахмин қилиш ниятида эмасмиз. Биз учун устувор вазифа – Украинага кучли позициядан музокара олиб бориш имкониятини таъминлаш», — деди у, агар АҚШ музокаралардан чиқиб кетса, Европа Иттифоқи ёки унинг аъзолари Россия билан музокараларда воситачилик қилоладими, деган саволга жавобан.
Унга кўра, ЕИ давлатлари Украинага ёрдамни кучайтиришда давом этади. У шунингдек, ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг бу йил Европа давлатлари Киевга €23 миллиард ёрдам беришни ваъда қилгани ҳақидаги баёнотини эслатди.
Бу орада, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бразилиялик O Globo нашрига берган интервьюсида шундай деди:
> «Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишни ўзининг стратегик ночорлигини тан олиш деб билади. Улар тинчликка эришишдан кўра ўз обрўсини сақлашга кўпроқ аҳамият бермоқда».
Лавров, шунингдек, Евроиттифоқ музокараларга ёрдам бериш ўрнига, у ердаги келишувларга саботаж қилишга уринётганини таъкидлади.
Унинг баёнотига кўра, ЕИ Россиянинг огоҳлантирувларига қарамасдан НАТО давлатларининг ҳарбий контингентларини Украинага юборишга тайёргарлик кўрмоқда — бу эса можарони янги, хавфли босқичга олиб кириши мумкин.