Эронда 26 апрель куни Шахид Раджаи портда содир бўлган йирик портлаш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида икки киши қўлга олинди, деб хабар берди IRNA агентлиги.
Маълумотларга кўра, ушланганлардан бири давлат ташкилотида, иккинчиси хусусий компанияда бошқарувчи лавозимида ишлаган.
Тергов вақтида бир нечта гумон қилинувчилар аниқланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушланган шахсларнинг портлашга алоқадорлигини ўрганишни давом эттирмоқда.
Портлаш Эроннинг энг йирик портларидан бири бўлган Бандар Аббос шаҳридаги портда содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ўнлаб одам ҳалок бўлган, яна 11 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 1,2 мингга яқин киши жароҳатланган.
ОАВ хабарига кўра, портлаш натрий перхлоратининг нотўғри сақлангани сабаб юз берган бўлиши мумкин. Бу модда қаттиқ ракеталар ёнилғисида ишлатилади. Аммо Эрон расмийлари бу маълумотни рад этмоқда.