Эроннинг Исломшаҳер шаҳрида ота ўзининг 18 ёшли қизи Фотима Солтанийни гўзаллик салонида ишлагани учун пичоқлаб ўлдирди, деб хабар беради IranWire.
Фотима отасининг ғазабидан қўрқиб, аёллар учун гўзаллик салонида яширинча ишлаган. Отаси қизнинг гўзаллик салонида ишлаётганини эшитиб, дарҳол у ерга борган. Қиз ташқарида отасини кўрган ва онасига қўнғироқ қилиб нима қилишни сўраган.
Бироқ эркак салонга кириб, қизига бир неча марта пичоқ урган. Гувоҳларнинг айтишича, у ҳатто қизининг сочидан ушлаб, бошини олишга уринган. Аммо кўчадагилар қичқира бошлаганида, у қочиб кетган. Кейинроқ хотинига қўнғироқ қилиб, “Мен сени шу ғам билан қолдирдим”, деган.
Маълум бўлишича, Фотима отасининг доимий босими туфайли онаси билан алоҳида яшаган.
HRANA ахборот агентлиги хабарига кўра, жиноятчи қўлга олинган.
Эронда аёллар ўлимига оид аниқ статистик маълумотлар эълон қилинмайди, аммо бундай ҳолатлар маҳаллий нашрларда тез-тез нашр этилади.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, ўтган йилнинг март ойидан сентябргача 78 нафар аёл қариндошлари ёки яқинлари томонидан ўлдирилган.
2023 йилда Shargh газетаси 2021-2023 йиллар оралиғида эркаклар ўз оилаларида камида 165 аёлни ўлдиргани ҳақида хабар берган. Улардан 27 таси фақат 2023 йилнинг дастлабки уч ойида содир бўлган. Жиноятчилар кўпинча асосий сабаб сифатида “номус”ни кўрсатишган.
Бу рақамлар фақат рўйхатга олинган ҳолатларни ўз ичига олади ва ҳақиқий кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин, дейилади ҳисоботда.