Доналд Трамп инаугурациясидан икки кун олдин Эрон Форс кўрфази яқинидаги номаълум жойда, 500 метр чуқурликда ер ости ҳарбий-денгиз ракета базасини очди.
Маросимда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) қўмондони генерал-маёр Ҳусайн Саламий иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, бу база мамлакатдаги энг қудратли ҳарбий-сиёсий ташкилот бўлмиш Инқилобий гвардия ҳарбий-денгиз кучларининг кичик бир қисми, холос.
"Аллоҳнинг инояти билан IRGC ҳарбий-денгиз кучларида сўнгги йилларда ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан ҳужум тизимлари бўйича сезиларли ютуқларга эришилди," - деди жаноб Саламий очилиш маросимида.
Тасним томонидан эълон қилинган видеода узун туннеллар ичида жойлаштирилган ҳарбий техника акс эттирилган. Бу база Эрондаги шундай бир нечта базалардан биридир. У узоқ масофага ракета учира оладиган ва узоқ масофадан туриб жанговар ҳаракатлар олиб бора оладиган кемалар учун қурилган.
11 январь куни Эрон икки ҳафталик ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу машғулотларга Натанздаги асосий ядровий объектларни ракета ва дронлар ҳужумидан ҳимоя қилиш бўйича кўникмаларни такомиллаштириш ҳам киритилган. 14 январь куни контр-адмирал Шаҳрам Эроний Эроннинг жанубидаги стратегик аҳамиятга эга Жаск туманида, Уммон қўлтиғи соҳилида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган махсус докларга эга энг йирик ҳарбий марказ очилгани ҳақида маълум қилди. Бир кун аввал Эрон Қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ризо Аштианий Эронда ҳозирча ҳеч ким билмайдиган қуроллар борлигини айтди.