Эрон Ташқи ишлар вазирлиги минтақа давлатларини ҳушёрликка чақириб, ўз ҳудудларидан Яқин Шарқдаги барқарорликка путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар учун фойдаланишга йўл қўймасликни сўради.
Вазирлик баёнотида Ғарбий Осиёдаги ҳозирги нозик вазият, жумладан, Исроилнинг Эронга ҳужумлари ҳамда Фаластин ва Ливандаги ҳаракатлари тилга олинган. Эрон томони Исроилнинг минтақадаги иштирокини хавфли вазиятни юзага келтирувчи омил сифатида баҳолаган.
Теҳроннинг реакцияси Нетаньяҳунинг 27 сентябрь куни БААга кутилмаган ташрифидан сўнг билдирилди.
Исроилнинг Channel 14 телеканали хабар беришича, Нетаньяҳу ташриф давомида БАА, Саудия Арабистони, Марокаш, Қувайт, Баҳрайн, Ливия, Уммон ва Миср вакиллари, шунингдек, АҚШ иштирокидаги учрашувда қатнашган.
Бироқ учрашувнинг бундай таркиби унда иштирок этгани айтилган давлатлар томонидан расман тасдиқланмаган. Шунингдек, Исроил оммавий ахборот воситаларидаги хабарларда учрашув тафсилотлари бўйича айрим фарқлар мавжуд.