Эрон махсус хизматлари билан боғлиқ шахслар Буюк Британияга Ла-Манш бўғози орқали кичик қайиқларда ўтишга уринган муҳожирлар орасида аниқланган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Эрон билан боғлиқ контрабанда тармоқлари одамларни Европа орқали Буюк Британияга олиб ўтиш учун фойдаланилган. Манбаларнинг таъкидлашича, айрим йўналишлар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (КСИР)нинг 700-бўлинмаси назоратида бўлган.
Франциядаги одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар The Telegraph нашрига Кале шаҳрида бўлган муҳожирларни Буюк Британияга олиб ўтишда эронлик тузилмалар ёрдам берганини айтган. Уларга кўра, бу ёрдам муҳожирлар Британияда жойлашиб олгач, келажакда муайян «хизмат» кўрсатиш шарти билан амалга оширилган.
Нашрнинг ёзишича, Британия ҳукумати томонидан аниқланган айрим шахслар Эрон Разведка ва миллий хавфсизлик вазирлиги билан алоқадор бўлган. Шунингдек, ушбу тармоқлар орқали Лондонда Эрон ҳукуматига содиқ шахслар ҳам жойлаштирилган бўлиши мумкин.
Айни пайтда ушбу маълумотлар расмий идоралар томонидан оммавий равишда тасдиқланмаган.