Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг ядровий дастури ҳақида маълумот берган шахсларга 20 миллион долларгача мукофот пули тўлаш таклифи билан боғлиқ ҳолда АҚШга норозилик билдирди. Шунингдек, БМТ ва Халқаро атом энергияси агентлигига (МАГАТЭ) тегишли мактублар юборилди.
IRIB агентлиги хабар беришича, мактубларни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи йўллаган.
«Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Давлат департаментининг Эрон ядровий дастури ҳақида маълумот тақдим этганлик учун 20 миллион долларгача мукофот пули таклиф қилиш тўғрисидаги баёнотига кескин муносабат билдирди», — дейилади хабарда.
Эрон ТИВ раҳбари ўз мурожаатида Вашингтоннинг ушбу баёнотини «нафратланарли ва афсусланарли» деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти Эроннинг ядровий дастури ҳақида маълумот тақдим этган шахсларга 20 миллион долларгача мукофот пули беришини эълон қилган эди. Таклифда маълумот берувчилар ва уларнинг оила аъзоларини бошқа жойга кўчириш имконияти ҳам назарда тутилган.
Мукофот «Адолат учун мукофот» (Rewards for Justice — RFJ) дастури доирасида таклиф этилмоқда.